Рамазон кунларида қандай қилиб ишлаш қобилияти ва руҳий тетикликни сақлаб қолиш мумкин?

09.05.2019 | Блог | 5327

«Islom.uz» Рамазон кунларида ишлаш қобилияти ва руҳий тетикликни сақлаш учун тавсияларини тақдим этди.

1. Авваламбор — ишингизни режалаштиринг

Биринчи навбатда эрталаб саҳарлик ва кечқурун ифторликка нималарни истеъмол қилишингизни режалаштиринг. Таом қувватга бевосита таъсир қилади. Оқсил, протеин, мева ва сабзавотларни мутаносиб равишда истеъмол қилиш керак. Лекин организмни ҳаддан ташқари оқсилларга тўйдириб юбориш зарарлидир. Организмда оқсил моддаси миқдори ошиб кетса, уни ҳазм қилиш учун кўп ҳаракат талаб қилинади, натижада сиз лоҳас бўлиб, чарчоқни ҳис қиласиз ва уйқунгиз келаверади. Шубҳасиз, бу сизнинг иш фаолиятингизга таъсир қилади. Агар сиз вақт ўтса бўлди, иш самарадорлиги муҳим эмас, деб ўйлаётган бўлсангиз, қаттиқ адашасиз. Негаки Рамазон иш фаолиятда ҳам қўшимча ажр олишимиз учун масъулият юклайди.

Иккинчи муҳим омил — Рамазон ойига бўлган муносабатимиз. Агар сиз Рамазон оғир, машаққатли меҳнат ойи бўлади, деган хаёлда бўлсангиз, ниятингизга яраша ўйлаганингиздек бўлади. Агар сиз учун рўза енгил, ёқимли бўлишини куцангиз, сиз айнан шундай натижани топасиз.

Ниятни яхши қилинг! Аллоҳ рўзадорликни сиз учун осон қилиши ҳақида фикр қилинг, ва албатта у бандаларига Меҳрибон. Ҳаммаси иймонга боғлиқ. Севимли Расулимиз (с.а.в): «Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлиш, ибодатнинг энг яхши турларидан бири», — деб айтган (Имoм Термизий ривоятлари).

2. Таътилни олдиндан режалаштиринг

Рамазон ойига маълум бир вақт қолганда таътил олиш мумкин. Бу тўла-тўкис Рамазон учун ўзини бағишлаш бўлади ва киши иш билан диний мажбурият орасида сарсон бўлмайди. Агар сиз ўқисангиз ва бу вақтда сизга таътил берилмаса, охирги ўн кунликни шундай режалаштирингки, ўқишдан бўш вақтингизни энг кўпи ибодат бўлсин. Ўқишдан қайтган вақтингиздан ифтор ва таровеҳ намозигача бўлган вақтнинг ҳар бир соатига режаларингиз жадвалини тузинг.

3. Имкон даражасида Қуръонга кўп вақт ажратинг

Эсимда, Рамазон ойида Қуръон хатм қилишни мақсад қилган эдим. Ишга кетишда, бўш пайтларда ўқир эдим. Ҳайратланарлиси шуки, кунига бемалол, қийинчиликсиз уч порадан ўқиганман. Шундан сўнг, аниқ мақсад ва шунга мувофиқ ҳаракат билан ажойиб натижаларга эришиш мумкин, деган хулосага келдим.

4. Тушлик вақтидан унумли фойдаланинг!

Тушлик вақтларида нима билан банд бўлишингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Бир нечта вариантлар бор: тоза ҳавода сайр қилиш, кўп вақтни ибодатга сарфлаш, Қуръон ўқиш ёки тинглаш.

Вақтни ўтказиш учун бир-бирингизга Қуръон ўқиб ёки ёдлаган оятларингизни тиловат қилиб берадиган шерик топа олсангиз ажойиб иш бўлади.

5. Қийинчиликларга сабр қилинг

Ишда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ва уларни бартараф қилиш йўлларини ҳам ўйлаб қўйинг. Эҳтимоли бор муаммоларнинг ечимига бизнинг бир нечта тавсияларимиз:

Йўллардаги тирбандлик:

Қуръон ёки маъруза тингланг. Диққат билан тингланг, шунда манзилга етиб келганингизни сезмай қоласиз. Шу билан бирга, Аллоҳни зикр қилиш учун ажойиб вақт. Аллоҳ айтади: «Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?» (Раъд сураси, 28-оят).

Тўсиқлар:

Ишда биз билан содир бўладиган кўп воқеалардан ибрат олишимиз мумкин. Шундай вақтлардан бири – тушлик вақтидир. Бу пайтда сизга таом ейиш мумкин эмас. Бериладиган савоб ҳақида ўйланг ва сиз енгил тортасиз. Шуни эсдан чиқарманг, рўза фақат сиз билан Аллоҳга тааллуқли ибодат ва фақатгина У зот сиз ҳақиқий рўза тутяпсизми йўқми —билувчидир. Шубҳасиз, «ҳеч ким билмайди» деб сизни бирор нима истеъмол қилишга ундовчи кишилар ҳам топилади. Жавоб беришдан аввал сабрингизни кўрсатинг, бу сиз учун даъватга имкон бўлиши мумкин. Агар «яхшилик истовчингиз» жуда қайсар бўлса, раҳбарингизга мурожаат қилиб, нима қилиш кераклигини сўранг. Аксарият раҳбарлар ходимларининг рўза тутишларига ижобий ёндашади.

Ҳаддан ташқари бандлик намоз ва Қуръон ўқишга вақт қолдирмаса:

Дам олиш ва Қуръон ўқиш учун 5-10 дақиқалик танаффуслар олинг. Бу нафақат сизнинг зич кун тартибингизга ибодатнинг қўшилишига, балки иш самарадорлигининг ҳам ошишига сабаб бўлади, чунки бу орада мия дам олади. Намозга келадиган бўлсак, ўз ишингизни намоз атрофида ташкиллаштиришга одатланинг. Нима билан банд бўлишингиздан қатъий назар, намоз учун вақт ажратинг. Бу сизнинг иш кунингизни баракали бўлишига сабаб бўлади.

Ўзингизга сабр учун мукофот борлигини эслатиб туринг. Рамазон – бу сифатни сайқаллаш учун энг муносиб вақт.

6. Ишдан қайтганингизда нима қилишни қарор қилиб қўйинг

Бир оз муддат мизғиб оласизми ёки бекорчилик билан банд бўласизми – энг асосийси бу ишларни режали қилиш керак. Сиз ишдан уйга келганингизда, сизни фарзандларингиз ва бошқа вазифалар кутиб турган бўлса, уйга қайтаётганингизда мизғиб олишни тавсия қиламиз (албатта сиз ҳайдовчи бўлмасангиз). Уйида юмушлари кўп кишиларга яна битта тавсиямиз: ёзда бомдод вақти эрта киради, ундан кейин ўзингизни Қуръон тиловати ва зикрга бағишлашингиз мумкин. Таровеҳ намозидан кейин тезда ухлашга ҳаракат қилинг, чунки саҳарликкача ва таҳажжуд намози учун дам олиб улгирасиз. Бу наҳорги вақтлар энг баракали ҳисобланади, ундан имкон қадар фойдаланиб уй ишларини битириб олиш керак ва ҳоказо. Мана, режалаштириш биринчи даражали вазифани қаерда бажаради. Ҳамма ишни бир вақтда бажариб бўлмайди, мутаносибликни амалга қўйиш керак. Лекин Рамазонда тоқат кўтара оладиган, ибодат учун керакли вазифаларни қилиш керак. Энг муҳими – иш фаолиятини ва руҳий таскинликни сақлаб, шу ишларга ҳамма диққат-эътиборини йўналтириш. Сизга маълум, баъзи вақтларда нималардандир жаҳлингиз чиқиши мумкин, шунинг учун доим сабр қилиш, тавозели бўлиш кераклигини ўйланг ва ҳар куни шу ниятингизни янгилаб боринг.