Ўзбекистоннинг собиқ давлат котиби: Президентни ёмон дейдиган одам мен бўлишим керак эди

15.05.2019 | Ўзбекистон | 6976

Журналист Комилжон Шамсиддинов Ўзбекистоннинг собиқ давлат котиби Раҳим Ражабовдан интервью олди. Раҳим Ражабов ушбу интервьюда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан бирга ишлаган даврларини ёдга олди.

Мустақиллик ҳамма учун кутилмаган воқеа бўлганди. Давлат – кичик бўлсаям, давлат-да, рўзғорнинг катта-кичиги бўлмайди. Унинг ташвишлари бор. Ўша пайтда уларни ҳал қилишда биргина Президентнинг қўлидан кўп иш келмасди. Бу – биринчидан. Иккинчидан, ‘Сен Президент бўласан’ дея бизда бирор одам махсус тайёрланмаган. Биринчи Президентимиз ўз командасини йиққан пайтда, биз ҳам ўша жамоага тушиб қолганмиз. У киши «Мен бир томонни, сен бошқа томонни олиб борасан», дегандилар.

Кейинроқ кўп ташвиш менинг ўзимга қолиб кетган. У кишининг ташқи давлатлар билан боғлиқ ва шунга ўхшаш ишлари кўпайиб кетган. Ичкаридаги ишларниям кимдир қилиши керак-ку. Энг катта муаммолар – халқ оч, ўз пулимиз йўқ, чегаралар очиқ, уни ўзимиз ҳимоя қилишимиз керак эди.

Илк тўрт-беш йилимиз, қийинчилик билан бўлса-да, ёмон кечмади. Кейинчалик, раҳматли Ислом Абдуғаниевичнинг ҳам ёши улғайиб, тажриба орттирди. Сайловдан сўнг ўзим ‘Дўстим, энди менинг вазифамни ҳам қисқартиринғ, деб айтганман ва Давлат котиблигидан – ўзимнинг аввалги ишимга, яъни Вазирлар Маҳкамаси раиси муовинлигига кетганман.

Яна бир гап. Ўша пайтларда Президент атрофида давлатга виждонан хизмат қиламан, деган одамлар камайиб кета бошлади: номаъқул одамлар кўпайиб, ҳаммаси бир ‘мафия’ бўлиб қолди. Мундоқ ўйласангиз, Президентни ёмон дейдиган одам мен бўлишим керак эди. Ўша пайтда, ‘Сен билан ишламайман’ дея кетганимча – ўттиз йилдан буён ҳалиям ишламайман. Ҳеч кимнинг ‘одами’ ҳам бўлмаганман.

Раҳим Ражабов, Ўзбекистоннинг собиқ давлат котиби