Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга муҳим огоҳлантириш билан чиқди

22.05.2019 | Ўзбекистон | 6986

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларни огоҳлантирди. Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотларга кўра, Instagram тармоғида номаълум шахсларнинг Тюмен шаҳрида гўёки фожиали ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароси жасадини ватанга жўнатиш учун маблағ йиғишда (ҳисоб рақами кўрсатилган) ёрдам бериш сўралган видеомурожаати тарқатилмоқда.

“Россия ИИВнинг Тюмен вилоятидаги Бошқармаси берган хабарига кўра, 2019 йилнинг 1 май кунидан бошлаб олинган тезкор маълумотларда Ўзбекистон фуқаросининг вафот этгани/ҳалок бўлгани тўғрисида ахборот йўқ”, - дейилади ТИВ хабарида.

Шунингдек, ТИВ агарда Ўзбекистон  фуқароси бўлган яқин қариндоши ёки таниши чет элда ёрдамга муҳтожлиги тўғрисида маълумотга эга бўлган кишилардан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ёки унинг Россия Федерациясидаги Ваколатхонасига мурожаат қилишини тавсия қилган.

Маълумот учун: Россия Федерациясидаги манзил: Москва шаҳри, 1-Казачий тор кўчаси, 11/2. Мурожаат учун телефон рақами: +7-903-507-76-67.