Чустдан чиққан «шифобахш» сув аслида истеъмолга яроқсиз эканлиги маълум бўлди

23.05.2019 | Ўзбекистон | 6476

«MY 5» телекнали орқали Наманган вилоятининг Чуст туманидаги фермер хўжалиги еридан «ўта шифобахш» сув чиққани ҳақида намойиш этилган ахборот лавҳаси, айрим ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарлар омма ўртасида катта қизиқиш ва шов-шувга сабаб бўлди.

ЎзАнинг билдиришича, ўтган икки кун мобайнида мазкур ҳудуд «шифобахш сув»дан олиб кетиш учун катта-кичик идишлар билан келган ихлосмандларни сиғдира олмай қолди.

«Чуст ижара» ММТП ҳудудининг 25 контури дала майдонида Тўрақўрғон туман Есин қишлоғи, Кўкқайрағоч маҳалласи ҳудудидаги «Томчи замин» фермер хўжалиги раҳбари А.Юлдашев тасарруфидаги 20 гектарли боғ ва бошқа экинларни суғориш учун 500 миллион сўм маблағ сарфлаб, 350 метр чуқурликда артезиан қудуғи тушириб чиқарган суви кутилмаганда шундай машҳур бўлиб кетди.

Телеканалга берган интервьюсида фермер ўзининг икки ишчиси ва бир қариндошининг кўпдан қийнаб келаётган дардлардан фориғ бўлганликларини шу сувнинг шифобахш хусусияти билан боғлаб тахмин қилади. Бундан ташқари, лавҳада сувдан даво топган беш-олти кишининг ижобий муносабатлари ҳам берилди. Бу сувнинг табиий-таркибий хоссалари тўғрисида мутахассисларнинг фикрини билиш мақсадида вилоят Давлат санитария эпидемиология марказига мурожаат қилинди.

— Сувнинг шифобахшлик хусусияти шошилинч хулоса бериладиган жиҳат эмас, — деди марказ бош шифокори ўринбосари А.Чўлпонқулов. — Чунки у маълум бир касалликларга даво бўлса, бошқа бир дардларни қўзғаб юбориши ёки ҳар бир инсоннинг индивидуал кўрсаткичларига боғлиқ бўлиши мумкин. Демак, ушбу сувнинг шифобахш хусусияти тўғрисида ҳам чуқур лаборатория текширувларидан ўтказилишидан ташқари, муолажа амалиётидаги кўп йиллик тажрибалар натижаларига асосан хулоса бериш мумкин. Ҳозирча, бизнинг дастлабки тезкор текширувимиз натижаларига кўра, артезиан қудуғидан насос орқали тортиб олинаётган бу сув истеъмолга яроқсиз эканлигини маълум қилиш мумкин. Сувнинг таркибини чуқур таҳлил қилиш тегишли илмий муассасалар ҳамкорлигида давом эттирилади.