Ўзбекистонда минилган эски автомобилни топшириб, янгисини олиб кетиш мумкин бўлади

07.06.2019 | Ўзбекистон | 12251

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти вакиллари иштирокида "Ўзбекистонда автомобилсозликни ривожлантириш стратегияси" мавзусида брифинг бўлиб ўтди.

"Ўзавтосаноат" стратегик режалаштириш дирекцияси бошлиғи Рустам Қодиров Ўзбекистон автобозорида trade-in амалиёти татбиқ қилинишини маълум қилди.

“Мамлакатимизда автомобиллардан фойдаланиш бўйича янги тизим жорий этилиши режалаштирилмоқда. Масалан, сизнинг мошинангиз бор, 3-5 ёки 10 йил мингансиз, уни янгиламоқчисиз. Лекин янги мошина сотиб олиш учун пулингиз камроқ бўлиши мумкин. Сиз эски, яъни ҳозир миниб юрган мошинангизни диллерга бориб топширасиз-да, янги автомобил ўртасидаги фарқни тўлов қиласиз, алмаштириб кетаверасиз, янгилаб оласиз”, - деди Рустам Қодиров.

Қайд этилишича, бу янги автомобиллар савдосини кучайтиради. Шунингдек, аҳоли ихтиёридаги автомобиллар паркини яхшилаш имконини беради.