Huawei смартфонларида Android ўрнига қайси дастур ўрнатилиши маълум қилинди

11.06.2019 | Технологиялар | 5250

Хитойнинг Huawei компанияси Android операцион тизими ўрнига Россияда ишлаб чиқилган "Аврора" операцион тизимини ўрнатиши мумкин деб хабар қилмоқда The Bell нашри.

Бундай қадам қўйишга компанияга нисбатан АҚШ томонидан киритилган санкциялар сабабчи бўлган. АҚШ ҳукумати қарорига кўра, янги ишлаб чиқарилаётган смартфонларга Android операцион тизимини ўрнатиши мумкин эмас.

"Аврора" опреацион тизими асли Финландиянинг Sailfish дастури негизида яратилган бўлиб, унинг ядроси Linux тизимида ишлайди ва Androidнинг барча дастурлари билан ишлашга қодир.

Ушбу ҳамкорлик ҳақидаги келишувга Иқтисодий форум доирасида эришилган. Huawei компанияси директори Го Пин ва Россиянинг Рақамли ривожланиш вазири Константин Носков Санкт – Петербургда музокаралар ўтказишган эди. Ушбу масала, шунингдек Хитой етакчиси Си Цзиньпин ҳамда Владимир Путин учрашуви доирасида ҳам муҳокама қилинган эди.

Россия ва Хитой ушбу масалада келишувга эришган тақдирда, “Аврора” операцион тизими Huawei смартфонларида заводдан ўрнатилган бўлади.