Тошкентда ўз вақтида жарима тўламаган ҳайдовчиларни аниқлаш бошланди

23.07.2019 | Ўзбекистон | 4676

22 июлдан бошлаб Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари Мажбурий ижро бюроси вакиллари билан ҳамкорликда ЙҲҚни бузиб, жаримани белгиланган муддатда тўламаган ҳайдовчиларни аниқлашга қаратилган тадбирлар ўтказишни бошлашади. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар беради.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига мувофиқ (“Транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартиби”), йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима солиш ҳақида қарор чиқарилган кундан эътиборан олтмиш кун ичида жарима тўланмаган тақдирда, транспорт воситаси ушлаб турилади. Қанча муддатга? Жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг ижроси юзасидан иш юритиш тугагунига қадар. Бу ҳақда  жарима солиш тўғрисида қарор чиқарган ваколатли орган раҳбари ёзма кўрсатма беради.

Шунингдек, Тошкент ҳудудида 20 та ва шаҳарга кириш/чиқиш ЙПХ постларида қарздорларни автоматик тарзда аниқловчи “Автокон” комплекслари ишламоқда.

ЙҲҚ бузилганлик учун солинган жаримани ўз вақтида тўлашни сўраймиз. Вақтида тўланмаган жаримангиз бўлса ва сиз оилангиз билан шаҳар ташқарисига дам олиш учун кетаётган бўлсангиз, сизни тўхтатиб, автомобилингизни жарима майдончасига жойлаштиришади, дейилади бошқарма хабарида.