Алишер Навоий, ғишт, оҳак ва керамика

23.07.2019 | Блог | 5116

Дастлаб навоийшуносликка доир тадқиқотлари билан танилган, қамалгач, Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси билан сиёсий мақолалар ҳам ёзгани юзага чиққан Акром Малик бугун 6 йиллик қамоқ жазосини Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида жойлашган 48- (аввалги 69) манзил-муассасада  ўтаб келмоқда. Акром Малик "Хамса"ни Алишер Навоий феноменининг муҳим манбаси сифатида ўрганишни бошлаган эди. У ўзбек адабиётшунослигига қадимги юнон ва ХХ аср бошларидаги Ғарб олимларининг қарашларини тадқиқ қилиб, феномен ва феноменологик метод атамасини олиб кираётган эди. Ўзбек илм-фанида ҳали-ҳануз ўрганилмаган феноменология йўналишининг аниқ, концептуал жиҳатларини Суқрот, Арасту, Афлотун каби қадимги юнон мутафаккирлари ва Эдмунд Ҳуссерл, Гадамер, Дилтей, Эрих Фром каби ХХ аср Оврупо олимларининг назарияларини мусулмон Шарқининг буюк сўфий шоирлари Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг фалсафаси билан ҳам қиёсий, ҳам таҳлилий ўрганиш мисолида очиб бермоқчи эди. Акром Малик бу борадаги тезисларини ёзиб юргани, кўрган манбаларини устозлари Ўзбекистоннинг энг йирик навоийшунослари Д. Юсупова, Р. Зоҳидов, О. Давлатов, У. Жўрақулов ҳамда Ш. Сирожиддиновлар билан ўртоқлашгани бизга маълум. У Алишер Навоий фалсафасини бугунги дунёдаги реал аҳамияти ҳақида бош қотирар, шоир ғоялари замонавий одамлар онги ва ҳиссиётига қандай таъсир этишини анализдан ўтказишга қизиқарди. Бу борадаги изланишларини АҚШнинг Принстон университетида бўлиб ўтадиган халқаро илмий конференцияда кенг жамоатчиликка етказиш ниятида бўлган.

Аммо Акром Маликнинг ҳақиқатпарварлиги ва тараққийпарвар сиёсий қарашлари 2016 йил 22 июль куни унинг қамалиб кетишига олиб келди.

Алишер Навоийнинг муҳиби Навоий шаҳридаги 4- (аввалги 29) қамоқда қийноққа солинди, ғишт ва оҳак заводларида мажбуран ишлатилди. Акром Малик жазонинг учдан бир қисмини ўтагач, кодексларда белгиланган инсонпарварлик далолатномаси қўлланиши асосида манзил-муассасага кўчирилди. Бу ерда илмий фаолиятда тўхтамади ва "Алишер Навоийнинг Илоҳ, олам ва одам ҳақидаги фалсафаси" номли тадқиқотини ziyouz.com сайтида эълон қилдирди. Ўз юртдоши тақдирига бефарқ бўлмаган ўзбекистонликларнинг беш юз нафардан кўпроғи унинг озод этилишини сўраб 2019 йил 4 феврал куни петиция орқали Республика Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилишди. Петицияга ҳукумат жавоб бермади. 2019 йилнинг  8 май куни Акром Маликнинг адвокатлари Олий судга шикоят аризаси топширдилар. Унда Акром Маликнинг ноҳақ қамалгани исботланиб, уни оқлаш зарурлиги сўралганди.

Шу аснода ёш навоийшуноснинг президент Шавкат Мирзиёевга очиқ хати интернет сайтларида эълон қилинди. Орадан икки ой ўтиб, яъни 2019 йилнинг июл ойи бошларида Олий суд ҳайъати шикоят аризасини рад қилди ва Акром Маликнинг президентга йўллаган очиқ хати ҳам очиқ қолди.

Адвокатлар эса ўтган ҳафта Олий суд раиси ўринбосарига ва Республика Бош прокурорига Акром Малик ишини қайта кўришларини сўраб ариза киритдилар.

Айни пайтда Акром Малик ўзи сақланаётган манзил-муассаса маъмуриятининг шартномаси асосида Тошкент шаҳридаги керамика заводида менежер сифатида ишлаяпти. Маълумотларга кўра, мазкур заводни модернизация қилаётган хорижий керамика мутахассислари ишчи-маҳкумлар орасидан Акром Малик билан ишлаш истагини билдирганлар. Акром Малик бу таклифни қабул қилган ва керамика соҳасидаги янгиликларни амалиётга жорий қилишга бел боғлаган. Завод раҳбарияти Акром Маликнинг ишчанлиги, ишчиларни бошқаришдаги бағрикенглигини, масъулиятини ва қисқа фурсатда юзага чиқаётган яхши натижаларни эътироф этмоқдалар.

Алишер Навоий кенг сиёсий ва жамоатчилик ишлари билан бир қаторда жуда кўп қурилишларни амалга оширган, меъморчилик билан шуғулланган ва бу ҳол унинг ижодига асло халал бермаган. Озодликда юрган пайтларида керамика соҳасидан мутлақо бехабар бўлган, шеърият мухлиси Акром Маликнинг қамоқ шароитида бу масалада иш бошқарувчи ўлароқ муваффақиятга эришаётгани унинг буюк аждодларимизга муносиб бўлишга интилиши ёки амалий фаолиятлардаги қобилияти билан изоҳланса, не ажаб.

Биз кўп ҳолларда кўп жиддий мавзулар каби ўзимиздаги сиёсий маҳкумлар ҳақида ББC, Озодлик ёки Америка овози каби байналмилал ахборот манбаларидан маълумот оламиз.

Аммо юртимизда фаолият олиб бораётган баъзи сайтлар ҳам Акром Маликнинг тақдирига бефарқ эмас. Хусусан, sof.uz сайти у ҳақдаги янгиликларни 2017 йилдан буён эълон қилиб келади. Шунингдек, 2019 йилнинг май ойида human.uz сайтида журналист Муслим Мирзажонов Акром Малик билан видео интервю ўтказиш таклифини берган. Акром Малик бу таклифни қабул қилган, аммо рухсат Республика Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасидан берилишини айтган. Human.uz сайтининг Республика Жазони ижро этиш бош бошқармасига Акром Малик билан видеосуҳбат ўтказиш масаласида рухсат сўраб қилган мурожаати қондирилмаган кўринади, бу борада бирор амалий иш бўлгани йўқ. Ва биз ҳамон Акром Малик ва бошқа сиёсий маҳкумлар ҳақида хориж сайтларидан билиб оляпмиз.

Қамалганига роса уч йил тўлган Акром Маликка тез орада озодлик тилаб, мақолага нуқта қўямиз.

Акром Маликнинг бир гуруҳ дўстлари