Президент ҳокимларни огоҳлантирди

23.07.2019 | Ўзбекистон | 6364

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 июль куни ўтказилган кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида тадбиркорларнинг бино-иншоотларини бузиш ва бунинг учун компенсация тўлаш борасида тизимли ёндашув йўқлиги танқид қилинди.

Албатта, жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари давомида айрим биноларнинг бузилиши табиий ҳол. Бироқ, аҳоли пунктларини истиқболда ривожлантириш режаларини ҳисобга олмасдан, катта ҳудудларда жойлашган иншоотлар бузиб юборилаётгани оқибатида жуда кўп миқдорда компенсация тўловлари келиб чиқмоқда.

Ҳокимликлар бузиладиган биноларнинг ўрнида янги корхоналарни қуриш бўйича инвесторларни топиб, компенсация тўловини уларнинг ҳисобидан тўланишини таъминламаётгани сабабли ушбу харажатлар давлат бюджети зиммасига тушмоқда.

– Барча ҳокимларни қатъий огоҳлантираман – асосли зарурат бўлмаган ҳолда тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга умуман йўл қўйилмаслиги зарур ва шарт, – деди давлат раҳбари.

Адлия ва молия вазирликлари, Савдо-саноат палатасига Бизнес-омбудсман иштирокида мол-мулкни бузиш ва компенсация тўлаш тартибларини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф киритиш вазифаси қўйилди.