Уй-жой мулкдорлари ширкатлари устидан давлат назорати ўрнатилади

12.08.2019 | Ўзбекистон | 4775

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 6 август куни иккинчи ўқишда «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида"ги қонунни қабул қилди. Ҳужжатда уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, кўп квартирали уйларни бошқаришда давлат органлари билан муносабатлари кўзда тутилган.

Қонун лойиҳасида қайд этилишича, кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги давлат назорати кўп квартирали уйлардан техник фойдаланишда қоида ва меёърларга риоя қилиш, бино ва унга туташ ер участкаларининг техник ҳолатини зарур даражада қўллаб-қувватлаб туриш каби мақсадларда амалга оширилади.

Давлат назорат ўрганиш ва мониторинг ўтказилганидан сўнг Ўзбекистон Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали турар жой фондидан фойдаланиш соҳасида назорат бўйича инспекция ва унинг ҳудудий инспекцияларига юклаш таклиф этилмоқда.

Инспекция қуйидагилар устидан давлат назоратини ўрнатади:

  • кўп квартирали уйлар, уларга туташ ер участкаларини сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши, мулкдорлар томонидан ўзбошимчалик билан қайта қуришлар ва бинолар режасининг ўзгартирилишига йўл қўймаслик;
  • умумий мол-мулклар, кўп квартирали уйларнинг олд қисмлари, уй ичи муҳандислик коммуникациялари таъмирлаш-тиклаш ишларида тартиб-қоидаларга риоя этилиши;
  • турар жой-коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилотлари томонидан тегишли хизматларни кўрсатишда меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши;
  • кўп квартирали уйларни капитал таъмирлашда кўп квартирали уйларда кўчмас мулк эгалари маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш.

Қонун лойиҳасига кўра, кўп квартирали уйларни шартнома асосида юридик шахслар (ташкилот) ёки жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) бошқариши мумкин. Бошқарувни бевосита бино мулкдорининг ўзига ёки турар ва нотурар бинолар мулкдорларини бирлаштирувчи нотижорат ташкилот — уй-жой мулкдорлари ширкатларига топширилади.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши соҳада учраётган кўплаб муаммоларни бартараф этишга, амалиётда вужудга келган яна бир ўткир масала — нотурар жой мулкдорларининг ширкат аъзоси ҳисобланмаслигига барҳам берилади, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кенгайтирилади.