Президент 28 йилдан бери кутилаётган қонунни имзолади

14.08.2019 | Ўзбекистон | 10192

«Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида» ги Қонун Президент томонидан имзоланди, деб ёзади  «Ҳуқуқий ахборот».

Қонунга кўра, ер участкаларини хусусийлаштириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

  • доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб олиш;
  • ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотиш.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ер участкаларини хусусийлаштириши мумкин.

Қуйидаги ер участкалари хусусийлаштирилмайди:

  • хусусийлаштирилмайдиган фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкидаги стратегик объэктлар жойлашган ер участкалари;
  • режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ер участкалари; табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари;
  • ўрмон ва сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар);
  • хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари;
  • эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ер участкалари.

Қонун 2020 йил 1 мартдан эътиборан кучга киради.