Мусулмонлар идораси диний-маърифий мақола устидан кулган каналларни тарк этишга чақирди

17.08.2019 | Ўзбекистон | 5347

Ўзбекистон мусулмонлар идораси шу кунларда доллар нархи кескин ошгани туфайли ижтимоий тармоқларда кўтарилган ваҳимага ўз муносабатини билдирган эди. Ижтимоий тармоқларда диний идора расмий сайтида эълон қилинган мақоладаги фикрлар истеҳзо аралаш қабул қилинди.

"... ушбу мақолага айрим уқувсиз ижтимоий тармоқ юритувчилари масхараомуз фикрларни ўз саҳифасида қолдирган. Аллоҳ таолонинг каломи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари келтирилган мақолани шундай кимсалар "анекдот", дея ҳақоратлашгача бориб етгани ташвишлидир. Мана шундай нодонлар фикри мазмунига етиб бормаган баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари билиб-билмай уларни ёқлаб қўйишган. Фейсбукда ҳам, телеграмда ҳам айримлар ушбу фикрларга кулиб турган "смайлик" қолдирган", - дейилади идора хабарида.

Мусулмондар идораси баёнотига кўра, бундай ҳолат ғўр кимсаларнинг диний-маърифий мақола устидан нодонларча кулаётганини кўрсатган. "Улар ўйлаб кўрмайдиларми, шу пайтда уларнинг имон-эътиқодлари қай аҳволда экан? Оят, ҳадис, ҳикматларни масхара қилаётганлар оқибати нима бўлар экан?!", - дея савол берилади мурожаатда.

Идора матбуот-хизмати хабарига кўра, баъзи инсонларнинг ижтимоий тармоқлардаги дин борасидаги масхараомуз фикрларини қўллаб-қувватлаш орқали ҳам гуноҳ орттириб олаётгани ачинарли ҳолат, билимсизлик, жоҳилликдир.

Идорага кўра, ҳар бир интернет фойдаланувчиси айтаётган гапи, қолдирган изоҳи ва тарқатаётган ахбороти учун Аллоҳ таоло олдида ҳам, мўмин-мусулмонлар олдида ҳам, жамият аъзолари ва давлат қонунлари олдида ҳам масъул эканини зинҳор унутмаслиги зарур.

Мақолада бемаъни фикрларни тарқатган ижтимоий тармоқлар номлари келтирилмади. Мақсад, уларни оммага маълум қилиш орқали кенг ёйилишининг олдини олишдир. Агар кимда-ким ундай саҳифа ва каналларни билса ёки аъзо бўлса, тарк этишларини тавсия этамиз, дея даъват қилган Мусулмонлар идораси.