21-асрда 19-аср воқеаси: Тошкентда бойлар отхонасини тозалаётган маҳкумни аёвсиз калтаклади

17.08.2019 | Ўзбекистон | 14183

Биз тарихий асарларни ўқиганда ва кинолар кўрганда ноинсоф бойлар бечора камбағални дўппослашининг гувоҳи бўламиз, аммо бу воқеалар тарихда қолиб кетган, дея ўзимизни ишонтирамиз. Ваҳоланки, бугун шундоқ воқеалар куппа-кундузи ёнгинамизда рўй бераётганини билмаймиз. Бугун маҳкумларни бойлар аёвсиз ишлатяпти, кўплашиб дўппослаяпти, бироқ ҳеч ким гувоҳи бўлмаганлиги учун айбдорлар жазосиз бемалол юрибди.

Sof.uz сайтига бугун Тошкентда бир маҳкумни аёвсиз калтаклашгани ҳақидаги хабар етиб келди.

Олмазор туманидаги CERAMICA PLUS керамика заводида 43- ва 48-манзил муассаса маҳкумлари шартнома асосида ишлатилади. Завод таъсисчиси Ҳорун Файзиевнинг жияни Миркомил Файзиев корхонанинг ижрочи директори ҳисобланади. Юнусобод тумани ИИБ собиқ тезкор ходими Миркомил Файзиев маҳкумларга нисбатан қаттиққўллиги билан танилган. У 2019 йилнинг 17 август куни ўз ишчилари бўлмиш 48-манзил муассаса маҳкумларини CERAMICA PLUS ҳудудидан қонунга хилоф равишда олиб чиқиб, ўзига тегишли отхонага олиб бориб ишлатган.

Отхонада Миркомил Файзиевнинг укаси Миролим Файзиев маҳкумларга қулларга қилгандек муомала қилган.

Унинг таҳқирловчи муомаласига чидай олмаган маҳкум Тоҳиржон Комилов эътироз билдирган. Бу эътирозга нисбатан Миролим Файзиев Тоҳиржон Комиловни урган. Тоҳиржон ўзини ҳимоя қилган ва буни кўрган Миркомилбой югуриб келиб, Тоҳиржоннинг юзига резина қувур - шланг билан уриб йиқитган ва ака-ука маҳкумни ерга думалатиб аёвсиз тепкилашган. Бу воқеага ўнлаб маҳкумлар бевосита гувоҳ бўлишган ва деярли ҳеч ким Тоҳиржонга ёрдам беришга журъат қилмаган. У ерда манзил-муассаса ходими бўлмаган ва маҳкум ҳимоясиз қолган.

Тоҳиржон Комиловнинг кўзларининг ости шишиб кетган, елка терилари шилинган. Аъзои бадани қақшаб оғримоқда.

Миркомилбой барча маҳкумларга адолатсиз муомаласи унинг "юқорида"ги акахонлари сабабли ёпилиб келаётгани айтилади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш мумкинки, Тоҳиржон Комилов 1991 йил Андижон вилоятида туғилган ва 2016 йил Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159- ва 244-моддалари билан айбланиб 6 йилга қамалган.

CERAMICA PLUS заводидан бозорга DELUXE бренди билан раковина, унитаз чиқади.

Ички ишлар вазирлиги бу ноқонуний хатти-ҳаракатларга эътиборсиз бўлмайди, деб умид қиламиз. Зотан мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев қонун устунлиги ва ҳар қандай жиноят жазосиз қолмаслигини кўп бора таъкидламоқда.

Тоҳиржон Комиловнинг баданидаги яра излари тасвирланган видеоматериал Sof.uz сайти ихтиёрида мавжуд.