11 сентябрь террорига 18 йил тўлди. Ўшанда нима бўлган эди? (фото)

11.09.2019 | Таҳлил | 5897

Бундан роппа-роса 18 йил аввал — 2001 йилнинг 11 сент­бярида АҚШнинг Нью-Йорк ва Вашингтон шаҳарларида фожиа юз берган эди. Ўшанда маҳаллий рейсларда парвоз қилаётган тўрт самолёт террорчилар томонидан гаровга олинган ва Америка иқтисодий тараққиёти рамзига айланган 110 қаватли Жаҳон савдо маркази ҳамда Мудофаа вазирлиги биносига келиб урилган эди. Америка халқини том маънода саросима ва қўрқувга солган қўпорувчилик ҳаракатлари пайтида 3000 дан зиёд инсон қурбон бўлди.

Бу фожиа Қўшма Штатларга улкан иқтисодий йўқотишлар олиб келди. Мамлакат тарихида 1992 йилги Эндрю тўфони энг катта молиявий зарар келтирган табиий офат саналар эди. Ўшанда Америка иқтисодиётига 19,2 миллиард доллар зарар етган эди. 11 сентябр воқеалари туфайли юзага келган иқтисодий йўқотиш кўрсаткичи Эндрю тўфонидан ҳам ошиб кетди.

Терактлардан сўнг дунё авиасаноати жиддий иқтисодий инқирозларга дуч келди. Фожиа туфайли фақатгина Америка эмас, бутун дунё авиация компаниялари миллиардлаб доллар зарар кўрди. 

Кейинроқ самолётларни ўғирлаш ва портлатиш амалиётлари Усама бин Лодин раҳбарлигидаги «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳининг 19 аъзоси томонидан амалга оширилгани аниқланди. 

2001 йил 11 сентябр кунги терактлардан кейин АҚШ президенти Жорж Буш сайёрамиз миқёсида терроризмга қарши кураш кампаниясини эълон қилди. Ана шу шиор остида Афғонистон ва Ироқда йирик ҳарбий операциялар амалга оширилган эди.

2001 йил 11 сентябрь. Фожиа солномаси

7.58. 175-рақам билан Бостондан Лос-Анжелесга йўл олган United Airlines компаниясига қарашли Боинг 767 самолёти террорчилар томонидан гаровга олинди. 56 йўловчи ва 9 нафар экипаж парвоз қилаётган самолёт йўналиши мажбурий равишда Нью-Йорк шаҳри томон ўзгартирилди.
7.59. 11-рақам билан Бостондан Лос-Анжелесга йўл олган American Airlines компаниясига тегишли яна бир Боинг 767 самолёти гаровга олинди ва у ҳам Нью-Йорк сари йўл олди. Самолёт бортида 81 йўловчи ҳамда 9 нафар экипаж аъзоси бор эди.
8.01. 93-тартиб рақамли Боинг 767 русумли самолёт 38 нафар пассажир ва 7 та экипаж аъзоси билан Нью-Жерсидан Сан-Франциско томон парвоз қила бошлади.
8.10. Вашингтон халқаро аэропортидан 77-рақам билан Лос-Анжелес томон учаётган, бортида 58 йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси бўлган Боинг 767 гаровга олинди.
8.46. Бостондан Лос-Анжелесга 11-рақам билан парвоз қилаётган самолёт Жаҳон савдо марказининг шимолий минорасига келиб урилди. Мутахассислар эътирофига кўра, савдо маркази биносида бир пайтнинг ўзида 50 минггача одам бўлиши мумкин эди.
9.03. Бостондан Лос-Анжелесга 17-рақам билан учаётган Боинг 767 самолёти Жаҳон савдо марказининг жанубий қисмига келиб урилди.
АҚШ Федерал авиация маъмурияти Нью-Йорк аэропорти фаолиятини тўхтатди.
9.21. Нью-Йоркка олиб борадиган барча кўприк, туннель ва йўллар ёпилди.
9.25. Федерал авиация маъмурияти барча маҳаллий парвозларни тақиқлади.
9.45. Вашингтондан 77-рақам билан Лос-Анжелес томон учаётган самолёт АҚШ Мудофаа вазирлиги биноси — Пентагонга келиб урилди. Маълумот учун: мудофаа маъмурияти биносида жами 20 минг­га яқин киши ишлар эди.
10.05. Жаҳон савдо марказининг жанубий қисми қулаб тушди.
10.05. Оқ уй ва пойтахт Вашингтондаги бошқа ҳукумат биноларида фаолият юритувчи барча ходимлар эвакуация қилинди.
10.10. Пентагоннинг самолёт келиб урилган қисми қулади.
10.10. Нью-Жерсидан Сан-Франциско томон 93-рақам билан парвоз қилаётган ва йўлда гаровга олинган самолёт йўловчиларнинг террорчиларга қаттиқ қаршилигидан сўнг Питсбург шаҳри яқинида ҳалокатга учради.
10.28. Савдо марказининг шимолий минораси ҳам ер билан яксон бўлди.