«ICTWEEK UZBEKISTAN» бу йил Тошкент ва Фарғонада ўтказилади

11.09.2019 | Ўзбекистон | 4427

Бу йилги Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги — «ICTWEEK UZBEKISTAN 2019» 24—27 сентябрь кунлари Тошкент ва Фарғонада ўтказилади.

«ICTWEEK»ни ўтказишдан асосий мақсад тажриба алмашиш, замонавий технологиялар ва инновациялар ютуқларини намойиш этишдир. Қолаверса, бу Ўзбекистон ахборот технологиялари бозори жозибадорлигини чет эллик инвесторларга намойиш этиш, давлат, компаниялар ва истеъмолчилар ўзаро ҳамкорлиги учун ажойиб майдондир.

Ҳафталик Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ўтказилади.

«ICTEXPO» — «ICTWEEK» ҳафталигининг энг муҳим тадбирларидан бўлиб, йилдан-йилга экспонент-компаниялар, Ўзбекистон бозорига қизиқувчи мамлакатлар сони ошиб боряпти. Ҳар йили кўргазмага 16000 нафардан ортиқ киши ташриф буюради.

«ICTWEEK UZBEKISTAN» ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги — ахборот технологиялари соҳасида 2004 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинаётган йирик ва муҳим тадбир. Ҳафталик Саммит, Форум, Кўргазма, матбуот анжуманлари, тақдимотлар, акциялар, мукофотлаш ва бошқа кўплаб тадбирларни ўз ичига олади.